Баҳорги таътилда Ўзбекистон россияликлар учун энг оммабоп йўналиш бўлди

Визасиз режим ва тўғридан-тўғри авиақатновлар россиялик оилаларнинг қизиқишини кучайтирди: баҳорги таътил арафасида Ўзбекистон бронлар ўсиши бўйича бошқа машҳур йўналишларни ортда қолдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 мар – Sputnik. Россиялик сайёҳларнинг болалари билан баҳорги мактаб таътили учун саёҳатларида Ўзбекистон энг тез ўсган йўналиш бўлди.
“Островок” маълумотига кўра, мамлакатда жойлаштиришга талаб 3 бараварга ошган ва Ўзбекистон ўсиш суръати бўйича бошқа оммабоп йўналишларни ортда қолдирган.
Шу билан бирга, Беларусда банд қилиш 56 фоизга, Таиландда 33 фоизга, Туркияда 30 фоизга кўпайган.
Компаниянинг қайд этишича, баҳорги таътил арафасида россиялик оилалар асосан визасиз ва тўғридан-тўғри авиақатнов мавжуд мамлакатларни танламоқда. Умуман, хорижий йўналишларга талаб ўтган баҳорга нисбатан 75 фоизга ошган, барча бронларнинг 27 фоизи эса чет эл саёҳатларига тўғри келган.
Топ-10 йўналишлар қаторига Ўзбекистондан ташқари Хитой, Арманистон, Грузия, Вьетнам, Япония ва Абхазия ҳам кирган.
Таҳлилчиларга кўра, болали сайёҳлар орасида маданий-тарихий йўналишлар, курорт ҳудудлари ва фаол дам олиш йўналишларига қизиқиш юқори бўлиб қолмоқда. Россия ичида бундай саёҳатнинг ўртача давомийлиги 3 кечани, хорижда эса 4 кечани ташкил этган.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда болали сайёҳлар учун бир кеча тунашнинг ўртача нархи 7 минг рубль, яъни 1 миллион сўмдан сал ортиқни ташкил қилади.
Россиядан Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони қарийиб бир миллионга етди