ТОШКЕНТ, 26 мар – Sputnik. Эрон ЕОИИ, БРИКС ва ШҲТ билан ҳамкорликни Ғарбнинг жаҳон иқтисодий зоналари устидан ҳукмронлигини заифлаштиришга қодир бўлган адолатли иқтисодий тартибни шакллантириш воситаси сифатида кўради. Бу ҳақда Эроннинг Россиядаги элчиси Козим Жалолий маълум қилди.
“Биз Эрон БРИКС, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби механизмларга аъзолик ва фаол иштирокни кўп қутбли ва адолатли иқтисодий тартибни шакллантиришнинг амалий воситаси сифатида кўришини бир неча бор таъкидладик. У турли жиҳатларда Ғарбнинг жаҳон иқтисодий зоналари устидан ҳукмронлигини заифлаштириши мумкин”, — деди дипломат ўз интервьюсида.
Жалолийнинг таъкидлашича, молиявий соҳада бирлашмаларга аъзо давлатлар аллақачон аниқ чора-тадбирлар устида ишламоқда. Улар қаторига савдода миллий валюталардан фойдаланиш, мустақил тўлов тизимларига, жумладан, BRICS Pay га уланиш, шунингдек, ғайриғарбий банклар ўртасида босқичма-босқич интеграцияни кучайтириш киради.
“Глобал Жанубнинг бошқа давлатлари иштирокидаги ташкилотларга аъзо мамлакатлар саноат, энергетика, савдо ва логистика каби соҳаларда ҳамкорликни кучайтириши мумкин. Бу “Шимол — Жануб” халқаро транспорт коридорини ривожлантириш, эркин ва имтиёзли савдо тўғрисида битимлар тузиш, нефть, газ ва нефть-кимё соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, технологиялар ва инвестициялар трансферини ўз ичига олиши мумкин”, — дея хулоса қилди элчи.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.