ТОШКЕНТ, 25 мар – Sputnik. Тошкентда "Қишлоқ хўжалиги - Agro World Uzbekistan-2026" 21-халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Кўргазмада қишлоқ хўжалиги ускуналари, паррандачилик ва чорвачилик, ем-хашак ишлаб чиқариш, ветеринария, донни қайта ишлаш ва сақлаш, шунингдек, ҳосилдорликни ошириш ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилишга қаратилган агрокимёвий маҳсулотлар намойиш этилмоқда.
"Режамиз 2 та паррандачилик мажмуаси қуришдир. Бу ерда бундай лойиҳаларга талаб юқори. Яқин келажакда маҳсулотларимиз билан Ўзбекистон бозорида янада кенгайиш ва ривожланишни режалаштиряпмиз", - дейди "Профхолод" компаниясининг сотувлар бўлими раҳбари Шелепов Станислав.
Кўргазмада Россия, Хитой, Ҳиндистон, Беларусь, Жанубий Корея, Туркия, Япония, Польша каби 19 та мамлакатдан 162 та компания иштирок этмоқда.
"Биз бу кўргазмада биринчи марта иштирок этаётганимиз йўқ ва ҳар йили бу ерда кўплаб дўстлар ва мижозларни топамиз. Бу йил кўргазмага инновацион ускуналаримизни олиб келдик. Биз дунёнинг 41 мамлакатига маҳсулот етказиб берамиз ва 25 йилдан ортиқ вақт давомида бозорда ишлаймиз", - деди россиялик тадбиркор, "Техно" компаниясининг тижорат директори Андрей Бондаренко.