ТОШКЕНТ, 24 мар – Sputnik. АҚШ–Эрон уруши фонида жаҳон энергетика бозорида босим кучаймоқда: АҚШда бензин кескин қимматлашди, Европа келгуси қишга газ захираларини тўлдиришни бошламоқчи, Осиёда эса энергия тежаш ҳамда захираларни ишга солиш чоралари кўрилмоқда.
Америка автомобиль ассоциацияси маълумотларига кўра, можаро ортидан АҚШда бензиннинг ўртача нархи бир ой ичида тахминан 35 фоизга ошган. Душанба кунги ўртача нарх бир галлон учун 3,956 долларга етган. АҚШда бензин 2022 йил кузидан бери бундай қиммат бўлмаган.
Еврокомиссия Европа Иттифоқига аъзо давлатларни келгуси қишга тайёргарликни кечиктирмасдан, газ ҳайдаш мавсумини ўз вақтида бошлашга чақирди.
Европа Марказий банки вице-президенти Луис де Гиндос ўз интервьюсида энергия нархининг энг юқори чўққиси 2026 йилнинг иккинчи чорагига тўғри келиши мумкинлигини айтди. Салбий сценарийда эса энергетика инқирози учинчи чораккача, оғирроқ ҳолатда эса янада узоқроқ давом этиши мумкин. Гиндос энергия бозорларидаги вазият евроҳудуд иқтисодиёти учун асосий ноаниқлик манбаи бўлиб қолаётганини таъкидлади.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Жорж Пападопулос РИА Новостига Европа Эрон атрофидаги можаро ортидан энергетика хавфсизлиги учун жиддий хавфларга дуч келаётганини айтди. Унинг фикрича, Европанинг заифлиги Россиядан арзон табиий газ етказиб беришдан воз кечиши билан янада кучайган.
Россия президентининг хорижий мамлакатлар билан инвестициявий-иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Кирилл Дмитриев йил охиригача Европа Иттифоқи Россия энергия ресурсларига жорий этилган чекловлар оқибатида 3 триллион еврогача йўқотиши мумкинлигини айтди.
Хорватия бош вазири Андрей Пленковичнинг айтишича, COVID-19 пандемияси, Хорватиядаги зилзила ва махсус ҳарбий операция бошланганидан буён иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича ўнинчи ёрдам пакети қабул қилинган, уларнинг умумий қиймати 8,5 миллиард еврога етган.
Австралиянинг ABC телеканалининг ёзишича, мамлакатда дизель ёқилғиси нархи ошиши ва етказиб беришдаги муаммолар туфайли яқин ҳафталарда озиқ-овқат нархлари кескин кўтарилиши мумкин. Австралия бош вазири Энтони Албанезе айрим ҳудудлар ва қишлоқ жойларда дизелга талаб икки бараваргача ошганини билдирди.
Япония 26 март куни давлат захирасидан нефть чиқаради. Бу қарор бош вазир Такаити раҳбарлигида ўтган тегишли вазирлар йиғилишида қабул қилинган.
Индонезия ҳукумати ёқилғи сарфини камайтириш учун мактабларни гибрид таълимга ўтказиш, ходимлар учун масофавий иш режимини жорий этиш ва мамлакат қуролли кучлари учун тўрт кунлик иш ҳафтасини йўлга қўйишни назарда тутувчи энергия тежаш дастурини ишлаб чиқмоқда.
Туркияда ёқилғи қуйиш шохобчаларида дизель ёқилғиси нархи сешанба куни 9,4 фоизга ошди. Айрим ҳудудларда бир литр дизель 80 лиралик психологик чегарадан ошиб кетди.