ТОШКЕНТ, 24 мар – Sputnik. Академик лицей ва бошқа ўрта махсус таълим ташкилотлари ўқувчилари учун якуний давлат аттестацияси тартибига қўшимча енгиллик ва кафолатлар киритилди. Бу тегишли низомга киритилган қўшимча ва ўзгартиришларда назарда тутилган.
Унга кўра, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчилар мазкур фанлардан давлат имтиҳонларини топширмайди. Уларга ушбу фанлар бўйича максимал балл қўйилади.
Шу билан бирга, якуний аттестация синовларини 3 йил давомида топшира олмаган ўқувчиларга давлат намунасидаги шаҳодатномани олиш учун экстернат тартибида якуний аттестациядан ўтиш ҳуқуқи берилади.
Яна бир янгиликка кўра, якуний аттестация синовларидаги шикоятларни кўриб чиқиш учун апелляция комиссияси тузилади. Ўқувчилар давлат имтиҳони баҳолари эълон қилинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Бунда апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнида ўқувчининг давлат имтиҳонида олган баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.