Эрон Форс кўрфазини миналаштириш билан таҳдид қилди

Мамлакат Мудофаа кенгаши Ҳўрмуз бўғозидан фақат душман бўлмаган мамлакатлар келишилган ҳолда ўтиши мумкинлигини эслатди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 мар – Sputnik. Эрон соҳил ёки унга тегишли оролларга зарба берилган тақдирда Форс кўрфазидаги барча денгиз йўлларини миналаштиради. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа кенгаши огоҳлантирди.
“Душманнинг Эрон қирғоқлари ёки оролларига тажовуз қилишга бўлган ҳар қандай уриниши Форс кўрфази ва қирғоқ бўйлаб барча денгиз йўллари ва алоқа йўлаклари турли хил денгиз миналари, жумладан, қирғоқдан ўрнатилиши мумкин бўлган сузувчи миналар билан миналашга олиб келади”, - дейилади “Fars” агентлиги иқтибос келтирган баёнотда.
Шунингдек, Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш фақат Теҳронга душман бўлмаган мамлакатлар учун келишилган тақдирдагина мумкинлиги эслатилди.
Куни кеча АҚШ президенти Дональд Трамп, агар Эрон бу денгиз йўлини 48 соат ичида тўлиқ очмаса, “америкалик ҳарбийлар мамлакатдаги барча электр станцияларни йўқ қилиши” ҳақида огоҳлантирди.
Бунга жавобан Эрон бундай ҳолатда эронликлар АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳамма компанияларига ва минтақадаги барча энергетика инфратузилмаларига ҳужум қилишини билдирди.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми

28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга зарба беришни бошлади. Зарбалар Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар олиб борилаётган вақтда амалга оширилди.

АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Ундан ташқари, Миноб шаҳрида қизлар бошланғич мактабига берилган зарба оқибатида 171 нафар бола ва 15 нафар ўқитувчилар ҳалок бўлди.

Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берди. Бир неча кун давомида БАА, Баҳрайн, Уммон, Ироқ, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа қатор давлатлардаги АҚШ ҳарбий базалари зарбага учради.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйди ва кемалар фақат Эрон билан келишилган тартибда ундан ўтиши мумкинлигини эълон қилди. Бунинг ортидан жаҳон бозорларида нефт нархи ошишни бошлади.

Россия президенти Владимир Путин Эрон олий раҳбарига суиқасд барча инсоний ахлоқ нормалари ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини таъкидлади. Россия ва Хитой 1 март куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисини чақирди.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ ёпиш билан таҳдид қилди