Эрон АҚШ билан вақтинча сулҳ тузишга рози эмаслигини айтди

Биз урушни узуоқ муддатли ва кенг қамровли тўхтатишни истаймиз, токи ҳеч кимда уни қайта бошлаш истаги пайдо бўлмасин - Эрон ташқи ишлар вазири.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. Теҳрон АҚШ ва Исроил билан сулҳга рози эмас, деди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Япониянинг Кёдо ахборот агентлигига берган интервьюсида.
"Биз сулҳга рози бўлмаймиз. Биз урушнинг тўлиқ, кенг қамровли ва узоқ муддатли тугашини истаймиз", деди у.
Вазирнинг сўзларига кўра, Теҳрон можарони вақтинчалик тўхтатиш эмас, балки якуний ҳал қилишга эришиш ниятида.
АҚШ ва Исроилнинг Ислом Республикасига қарши операцияси учинчи ҳафтасига кирмоқда. Эрон ўзини ҳимоя қилишга тайёрлигини таъкидлади ва музокараларни қайта бошлашнинг маъносини кўрмаяпти.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми

28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга зарба беришни бошлади. Зарбалар Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар олиб борилаётган вақтда амалга оширилди.

АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Ундан ташқари, Миноб шаҳрида қизлар бошланғич мактабига берилган зарба оқибатида 171 нафар бола ва 15 нафар ўқитувчилар ҳалок бўлди.

Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берди. Бир неча кун давомида БАА, Баҳрайн, Уммон, Ироқ, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа қатор давлатлардаги АҚШ ҳарбий базалари зарбага учради.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйди ва кемалар фақат Эрон билан келишилган тартибда ундан ўтиши мумкинлигини эълон қилди. Бунинг ортидан жаҳон бозорларида нефт нархи ошишни бошлади.

Россия президенти Владимир Путин Эрон олий раҳбарига суиқасд барча инсоний ахлоқ нормалари ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини таъкидлади. Россия ва Хитой 1 март куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисини чақирди.