АҚШ ва Исроил Эроннинг уран бойитиш корхонасига ҳужум қилди

Зарба натижасида радиоактив моддалар сизиб чиқиши қайд этилмаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. АҚШ ва Исроил Эроннинг Натанз шаҳридаги уран бойитиш корхонасига ҳужум қилди, деб эълон қилди мамлакат Атом энергияси бошқармаси.
"АҚШ ва Исроил режимининг мамлакатимизга қарши жиноий ҳужумлари натижасида бугун эрталаб Натанздаги Аҳмади-Рошан бойитиш иншоотига ҳужум қилинди", - дейилади хабарда.
Шунингдек, ядровий объектда радиация чиқиш ҳолати қайд этилмаган.
Техник ва эксперт текширувлари натижаларига асосланиб, шуни маълум қиламизки, кўзда тутилган чоралар, илгари режалаштирилган ҳаракатлар ва мониторинг маълумотларга кўра, мажмуада радиоактив моддаларнинг сизиб чиқиши қайд этилмаган ва атрофдаги ҳудудлар аҳолиси учун ҳеч қандай таҳдид йўқ, - дейилади Эрон расмийлари хабарида.
Ушбу ҳаракат халқаро қонунлар ва мажбуриятларга, жумладан, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома (ЙҚҚТ) ва ядровий хавфсизлик ва ҳимоя билан боғлиқ бошқа нормаларга зиддир.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми

28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга зарба беришни бошлади. Зарбалар Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар олиб борилаётган вақтда амалга оширилди.

АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Ундан ташқари, Миноб шаҳрида қизлар бошланғич мактабига берилган зарба оқибатида 171 нафар бола ва 15 нафар ўқитувчилар ҳалок бўлди.

Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берди. Бир неча кун давомида БАА, Баҳрайн, Уммон, Ироқ, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа қатор давлатлардаги АҚШ ҳарбий базалари зарбага учради.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйди ва кемалар фақат Эрон билан келишилган тартибда ундан ўтиши мумкинлигини эълон қилди. Бунинг ортидан жаҳон бозорларида нефт нархи ошишни бошлади.

Россия президенти Владимир Путин Эрон олий раҳбарига суиқасд барча инсоний ахлоқ нормалари ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини таъкидлади. Россия ва Хитой 1 март куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисини чақирди.