ТОШКЕНТ, 20 мар – Sputnik. ЎзбекистондаРамазон ҳайити ва Наврўз байрамида тиббиёт муассасалари туну кун ишлайди. Бу ҳақда Соғлиқ сақлаш вазирлиги (ССВ) матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, байрам ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб ташкил этилди.
Шунингдек, 20-23 март кунлари мамлакатдаги туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 20 минг нафар тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Ўз навбатида, байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 200 тага яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.
ССВ байрамлар муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида 103 хизмати ҳам одатий иш фаолиятини давом эттиришини маълум қилди.
Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакат бўйлаб 14 та ҳудудий филиали, 167 та станция, 63 та подстанция ва 1 436 таянч пунктида 2 860 дан зиёд тиббий ёрдам бригадаси аҳоли ҳамда юртимиз меҳмонларидан бўладиган чақирувлар учун доимий шай ҳолда.
Бундан ташқари, байрам кунлари мамлакатдаги барча туғуруқ ва болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради.