Ўзбекистоннинг илк миллий сунъий йўлдошини учириш ишлари қандай кетмоқда - видео

Японияда таҳсил олаётган 7 нафар ўзбекистонлик ёш муҳандис 2028 йилга мўлжалланган “Мирзо Улуғбек” миллий илмий сунъий йўлдоши устида иш олиб бормоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 мар — Sputnik. Ўзбекистон тарихида илк бор миллий илмий сунъий йўлдошни яратиш ишлари бошланди. Аппарат 6U CubeSat шаклида бўлиб, уни 2028 йилда орбитага учириш режалаштирилган. Айни пайтда сунъий йўлдошни ясайдиган ўзбекистонлик талабалар Японияда таҳсил олмоқда.

“Президентимизнинг яқинда бўлиб ўтган ҳузурларидаги тақдимотда айнан Ўзбекистоннинг биринчи илмий сунъий йўлдошини фазога учириш бўйича тақдимотлар ўтказилди. У бўйича ҳозир “Ўзбеккосмос” агентлиги етти нафар талабани магистратурада таҳсил олиши учун Япониянинг Кюшу технология университетига юборган”, - дейди “Ўзбеккосмос” матбуот котиби Акмал Назаров.

Ўқишга юборилган талабалар 2 йил давомида сунъий йўлдошни лойиҳалаш, йиғиш, синовдан ўтказиш каби жараёнларида бевосита иштирок этишади. Аппарат синовдан муваффақиятли ўтгандан сўнг фазога жўнатилади.

“Сунъий йўлдошимиз CubeSat турига мансуб, яъни бу кичик ҳажмдаги сунъий йўлдош. У асосан Ерни масофадан зондлаш учун ишлатилади. Ҳозирда биз бу лойиҳа устида фаолият олиб бормоқдамиз. Менинг вазифам сунъий йўлдошнинг ташқи ва ички қисмини моделлаштириш. Сунъий йўлдошнинг чидамлилигини аниқлаш жуда ҳам муҳим. Биз уни биринчи бўлиб Ерда синовдан ўтказамиз. Маълумотлар тасдиқлангандан кейин биз уни ҳавога жўнатамиз”, - дейди Японияда таҳсил олаётган талаба Ҳабибуллоҳ Азимжонов.

Сунъий йўлдошнинг вазифаси ерни масофадан кузатиш, қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва атроф-муҳит мониторингини қўллаб-қувватлашдан иборат. Мақсад фақат аппаратни ясашдан иборат эмас, балки Ўзбекистонда кадрлар мактаби, миллий муҳандислик компетенциясини шакллантиришдир. Ўзбекистон тарихидаги илк сунъий йўлдошга “Мирзо Улуғбек” номи берилди. Шунинг билан бирга, мамлакатда илк ўзбек фазогирини космосга учириш ишлари ҳам бошланган. Акмал Назаровнинг айтишича, “Ўзбеккосмос” агентлиги бу йўналиш бўйича ҳам амалий ишларни бошлаб юборган.

"Яъни ким космонавт бўлади, у аёл кишими, эркак кишими ёки ёшроқ йигитми, ана шулар бўйича очиқ танлов эълон қилинади. Очиқ танловда ҳар бир номзоднинг соғлиғи, ҳар бир органининг соғломлиги текширилади. Кейин руҳий босимларга чидамлилиги текширилади. Ҳамма жараёнларни ўтгандан кейин космик станцияларда синов жараёнларидан ўтади. Улар ҳар хил турли, кучли аттракционга ўхшаган нарсаларда синовдан ўтади. Синовлардан ўтган номзод охирида космосга учиш имкониятига эга бўлади”, - дейди у.

Илк фазогирни космосга учириш борасида “Ўзбеккосмос” Россия, Хитой ва АҚШ билан музокаралар олиб бормоқда.
Илк сунъий йўлдош ва фазогирни космосга учириш жараёнлари қандай кетаётгани билан батафсил Sputnik видеосида томоша қилинг.
Тошкентда давра суҳбати: биринчи космонавт ва космик технологиялар бўйича маълумот берилди