ТОШКЕНТ, 19 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасида якунланган бунёдкорлик ишлари ва яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, мажмуада зиёратчилар учун кенг қулайликлар яратилган. Хусусан, унинг қошида туризм маркази очилган. Ёндош 15 гектар ҳудудда 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхона, 22 та 176 ўринли оилавий меҳмон уйи ва автотураргоҳ барпо этилган.
Шунинг ҳисобига Имом Бухорий мажмуасининг қабул қилиш қуввати бир кундаги 12 минг нафардан 65 минг нафар зиёратчигача ошган.
Мажмуа умумий 45 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурият биноси ва 154 устунли миллий услубдаги айвон қурилган.
Шунингдек, мажмуа таркибида 9 павильондан иборат инновацион музей барпо этилган.
Унда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссаси, Қуръони каримда номи келтирилган 25 пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ҳадисларнинг жамланиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Қадамжода 14 та мовий гумбаз ва 75 метрли 4 та минора қад ростлаган.
Давлат раҳбари туризм маркази ва масжидда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Барча ишлар якунлангани инобатга олиниб, янги қурилган масжидда Ҳайит намозини адо этиш таклиф қилинди.
Шу билан президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди.