ТОШКЕНТ, 19 мар — Sputnik. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов “LEO Group” компанияси Директорлар кенгаши раиси Ван Сяньцзюн ҳамда “Itochu Corporation” раҳбарияти — Шинобу Натсукава ва компаниянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Ямото Рюджи билан учрашувлар ўтказди.
Музокараларда Ўзбекистонда замонавий насос ускуналарини ишлаб чиқариш ва сув хўжалиги инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, ДХШ асосида насос станцияларини қуриш, шунингдек, илғор муҳандислик ечимларни ривожлантиришга хизмат қилувчи махсус технопарк ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар фикрича, “LEO Group” технологияларини жорий этиш сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш ва республикадаги мавжуд ирригация тизимларини модернизация қилишга хизмат қилади.
Обсуждены проекты в сфере водного хозяйства с крупными компаниями из Китая и Японии
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли
“Itochu Corporation” раҳбарияти билан учрашувда эса Тошкент вилоятида оқова сувларни тозалаш тизимини қуриш лойиҳаси параметрларини оптималлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бунда сув сифати ва хизматларнинг иқтисодий самарадорлиги ўртасидаги мувозанатга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар лойиҳани амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олди.
Маълумот учун, “LEO Group” ахборот-коммуникация технологиялари ва насос тизимлари ишлаб чиқариш соҳасида Хитойнинг етакчи компанияларидан бири бўлиб, дунёдаги энг йирик бешта насос ускуналари ишлаб чиқарувчиси қаторига киради.
“Itochu Corporation” эса 1858 йилда ташкил этилган Япониянинг йирик корпорацияларидан бири ҳисобланади. Компания “Fortune Global 500” рейтингига кирган бўлиб, дунёнинг 61 та мамлакатида офисларга эга ва Ўзбекистонда ҳам қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.