Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Украиналик асир: УҚКдаги маҳбусларнинг катта қисми фронтга етиб бормасдан қочиб кетади

Ҳарбий асирнинг сўзларига кўра, Украина ҚК билан шартнома тузган маҳбусларнинг катта қисми қочиб кетади, фронтга мажбуран жўнатилади ва қамоқхоналарда ҳам урушга бормасликка кўндирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Украина Қуролли кучлари билан шартнома тузган маҳбуслар орасида дезертирлик, фронтга жўнатиш усуллари ва қамоқхоналардаги кайфият ҳақида ҳарбий асир, собиқ маҳбус Андрей Гриценко РИА Новостига сўзлаб берди.
Унинг айтишича, Украина Қуролли кучларининг “Да Винчи” биринчи алоҳида ҳужум полкига жалб қилинган маҳбусларнинг катта қисми фронтга етиб бормасдан қочиб кетади.

“Кўпчилиги СЧР (ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан тарк этиш - таҳр.)га кетади, 50 фоизи дарҳол қочади, улар тўғридан-тўғри Янги Николаевкага, биз "ноль"га чиқадиган жойга етгандаёқ йўқолади”, — деди Гриценко.

Унинг сўзларига кўра, айримлар шартномани бошиданоқ қочиш режаси билан имзолайди, бошқалар эса фронтдаги вазиятни кўриб, дезертирликка қарор қилади. Асирнинг таъкидлашича, маҳбусларни позицияга жўнатишда уларни амалда ҳеч ким қўриқламайди.
Гриценконинг сўзларига кўра, 225-алоҳида механизациялашган “Скала” бригадасида маҳбуслардан тузилган бўлинмаларни “ишга солишади”, собиқ маҳбусларни эса олдинги чизиққа конвой билан олиб боришади. У 4 январь куни Веселое қишлоғи яқинидаги блиндажга беш нафар маҳбусни мажбуран позицияга ҳайдаш топшириғи билан борганини айтди.
“Бизнинг вазифамиз уларнинг олдига бориб, қуролини олиш, керак бўлса юзига уриб бўлса ҳам, қандай қилиб бўлмасин уларни кетишга мажбур қилиш эди”, — деди у.
Унинг қўшимча қилишича, рад этганлар гуруҳидан уч киши бир неча кундан кейин қайтган, аммо орқа ҳудудга чиқишга уриниш чоғида ҳалок бўлган.
Асир яна украин ҳарбийлари полигонда НАТО давлатлари қуроллари билан ишлашга ўргатилиб, жангга чиқишда эса бошқа қуроллар берилишини айтди.

“Полигонда "Minimi" ва "Minimag" пулемётлари бор эди, лекин жангда улар бўлмаган, фақат машғулотда кўрдик”, — деди Гриценко.

Унинг сўзларига кўра, жанговар вазифа учун унга Калашников автомати ва Ф-1 гранаталари берилган, айрим украиналик ҳарбийлар эса Чехиянинг эски намунадаги CZ автоматлари билан қуролланган бўлган.
Гриценко Украина қамоқхоналаридаги жиноий авторитетлар ҳам маҳбусларни урушга бормасликка ундашини айтди. У Николаев вилоятидаги 83-сонли лагерда жазо ўтаганини, оғир шароит, ичимлик суви йўқлиги, ёмон озиқ-овқат ва антисанитария туфайли шартнома имзолаганини билдирди.
“Қамоқхоналарда ҳамма "зек"ларни бошқарадиган юқори қатлам бор ва улар маҳбусларни урушга бормасликка кўндиришга ҳаракат қилади: яхшиси ўтиринглар, сизларга шу яхшироқ, дейишади”, — деди у.
Асирнинг айтишича, уч ой ичида 140 кишилик баракдан атиги саккиз киши, жумладан, ўзи ҳам, Украина Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
"Юз грамм ичдим ва шу ерга келиб қолдим": ароқ сабабли фронтга келган украиналик ҳарбий