Ўзбекистонда капитал бозори, суғурта ва электрон савдода ўсиши бўйича рақамлар очиқланди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда капитал бозори, суғурта хизматлари ва электрон тижорат соҳаларида барқарор ўсиш кузатилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон капитал бозори 17,4 фоизга ўсиб, 284,6 триллион сўмга етди. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг 2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Таъкидланишича, ўтган йили қимматли қоғозлар эмиссиясининг умумий ҳажми 269,1 триллион сўмни ташкил этган. Бу олдинги даврга нисбатан 24,2 фоизга кўп.
Шунингдек, 2025 йил якунларига кўра, суғурта компанияларининг умумий активлари 2024 йилга нисбатан 27,1 фоизга ўсиб, 15 триллион сўмга етган. Бу ҳақда агентликнинг электрон тижоратни ривожлантириш ва тартибга солиш департаменти раҳбари К. Мухаммадиев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, суғурта ташкилотларининг соф фойдаси йил якунида 798,4 миллиард сўмни ташкил этган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 17,8 фоизга кўп.
Агентлигининг электрон тижоратни ривожлантириш ва тартибга солиш департаменти раҳбари К.Мухаммадиев таъкидлашича, электрон савдонинг чакана товар айланмасидаги улуши 2020 йилдаги 0,5 фоиздан 2025 йилда кутилган 4,6 фоизгача кўтарилган.
Маълумот учун: Капитал бозори — бу акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар орқали инвестиция жалб қилинадиган молиявий бозор.
ЕОИИда электрон тижорат учун ягона ҳуқуқий муҳит яратилмоқда