ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Ўзбекистонда сув муаммоларини ўрганиш соҳасида яхши салоҳият мавжуд, бироқ кўплаб илмий ишланмалар ва янгиликлар амалиётга тўлиқ жорий этилмаяпти.
Бунинг сабабларидан бири — соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларини битирган айрим ёш мутахассисларнинг бошқа йўналишларга ўтиб кетаётгани.
Бу ҳақда “Ўзбеккосмос” агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилган медиатур доирасида сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев маълум қилди.
Медиатур доирасида Ўзбекистонда йирик тошқинлар ҳақида аҳолини эрта огоҳлантириш тизими жорий этилгани ҳам маълум қилинди.
Хусусан, 17 та сув омборида фавқулодда вазиятларда аҳолини огоҳлантиришнинг локал тизими жорий этилган, 16 та сув омборида 83 та сейсмик қурилма, 44 та сув омборида эса сув сатҳини реал вақт режимида кузатувчи датчиклар ўрнатилган.
Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги илмий-инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўлими бош мутахассиси Хайрулло Қобилов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилдан буён “Ўзбеккосмос” агентлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги космик суратлар ёрдамида 60 тадан ортиқ сув омборининг лойиҳавий сув ҳажмини аниқлаган.
“Ўзбеккосмос” агентлиги бош мутахассиси Шаҳзодбек Пардаевнинг Sputnik Ўзбекистон мухбирига айтишича, космик технологиялар орқали ҳар куни 50 та объектда сув сатҳи мониторинги олиб борилмоқда, 29 та сув омборида эса тўғонлар силжиши кузатилмоқда.
“Ўзбеккосмос” агентлиги бош мутахассиси Комилжон Тошматовнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда вақт-вақти билан “сув омборлари қуриб кетибди” деган хабарлар тарқалади, лекин бу ваҳимали ҳолат эмас, балки мавсумий ёғингарчилик билан боғлиқ табиий жараёндир.
Унинг таъкидлашича, суғориш мавсумида сув омборлари аста-секин тўлади. Қишда эса сувнинг музлаши ва ёғингарчилик камлиги сабабли омборлар нисбатан бўш кўринади. Бу оддий ҳол.
Шунингдек, Тошматовнинг сўзларига кўра, ҳозирда сув чуқурлигини ўлчаш технологиялари анча ривожланган.
“Аввал бундай замонавий ускуналар бўлмаган: чуқурлик қайиқ ёрдамида, гидрограф иштирокида, арқонга юк боғлаб ўлчанган. Шу усуллар орқали сув омборининг ҳажми ва лойқаланиш даражаси ҳам аниқланган”, — деди мутахассис.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда юқори аниқликдаги электрон ва лазер ускуналар, GPS технологиялари қўлланилмоқда. Улар сув ости рельефини батафсил кўрсатиб, деярли ҳар бир тош ва тузилмани аниқлаш имконини беради.