Покистон зарбаси оқибатида Кобулда ҳалок бўлганлар 400 нафарга етди: томонлар баёнотлари

Афғонистон томонининг иддаосича, Покистон Кобулдаги гиёҳвандликдан даволаш марказига зарба бериб, 400 кишини ўлдирган. Исломобод эса ҳарбий нишонлар урилганини айтмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Покистоннинг Афғонистон пойтахтига уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 400 нафарга етди, яна 250 нафардан ортиқ киши яраланди. Бу ҳақда TOLOnews Афғонистон олий раҳбари матбуот котиби ўринбосари Ҳамдулла Фитратга таяниб хабар қилди.
Афғонистон олий раҳбари матбуот котиби Забиулла Мужоҳиднинг айтишича, Покистон пойтахтдаги реабилитация марказига зарба берган, оқибатда тинч аҳоли ҳалок бўлган ва жароҳатланган. У бу ҳаракат жавобсиз қолмаслигини таъкидлади.

Афғонистон ИИВ матбуот котиби Абдул Матин Қани ҳам Кобул ушбу ҳужумни суверенитетнинг қўпол бузилиши ва “ваҳшийлик ҳаракати” деб баҳолаётганини, Покистонга “тиш синдирар” жавоб зарбаси берилишини маълум қилди.

Шу билан бирга, Покистон Афғонистоннинг Нангарҳор вилоятига ҳам ҳаводан ҳужум қилганлиги айтилмоқда. Ҳозирча маҳаллий расмийлар қурбонлар ва зарар бўйича алоҳида баёнот бергани йўқ.
Покистон Ахборот вазирлиги эса Кобулдаги наркоманияга қарши реабилитация марказига зарба берилгани ҳақидаги баёнотни рад этди. Вазирликка кўра, ҳужумлар аниқ режалаштирилган бўлиб, улар чегара ортидаги террорчилик билан боғлиқ нишонларга қарши қаратилган.
Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги эса ушбу ҳужумни қоралаб, уни “қўрқоқ ва инсонийликка хос бўлмаган” ҳаракат деб атади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон расмийлари Покистон ҳарбий-ҳаво кучларининг Афғонистон ҳудудини бомбардимон қилганига жавоб сифатида Дюранд чизиғи бўйлаб покистонлик ҳарбийларга қарши операция бошланганини маълум қилган эди.

Ўз навбатида, Покистон томони ҳам ўт очганини тасдиқлаб, кейинчалик Афғонистон билан “очиқ уруш” ҳолати бошланганини билдирган.

Афғонистон–Покистон можароси: махсус операциялар ва “очиқ уруш” баёнотлари