ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Беларусь Республикаси Витебск вилоятидаги ер участкаларини аукцион асосида тақдим этиш бўйича тижорат таклифлари яқин вақт ичида ишлаб чиқилиб, ўзбекистонлик тадбиркорларга тақдим этилади.
Бу ҳақда 16 март куни Савдо-саноат палатаси (ССП) раиси Даврон Вахабов ва Витебск вилояти ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Сергей Лекович ўртасида ўтказилган онлайн учрашувда маълум қилинди.
Қишлоқ хўжалиги салоҳияти юқори бўлган Витебск вилоятининг учта туманида дон ва ем-хашак экинлари, картошка ҳамда рапс етиштириш ривожланган. Шунингдек, ҳудудда чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базаси мавжуд.
Учрашувда вилоятнинг қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасидаги имкониятлари тақдим этилди. Томонлар ушбу учта туманда ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирокида чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш бўйича амалий чораларни ҳам белгилаб олди.
Хусусан, тадбиркорлар фаолиятини тез ва самарали йўлга қўйиш учун қўшимча имтиёзлар ва қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, томонлар яқин кунларда навбатдаги онлайн ва офлайн мулоқотларни ўтказишга келишиб олди.