ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросими бошланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳа табиий бойликларни чуқур қайта ишлашга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда соҳага инвестициялар фаол жалб қилинди. Конларни инвесторларга бериш бўйича шаффоф тизим яратилгани ҳисобидан тўққиз йилда тармоққа 10 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилди. Ҳозир соҳада 65 та хусусий корхона ишламоқда.
Сўнгги йилларда ишлаб чиқариш ҳам ўсди. Хусусан:
олтин қазиб олиш сўнгги 9 йилда 31 тоннага кўпайиб, 118,4 тоннага етди;
2016 йилдан буён кумуш ишлаб чиқариш 1,6 баробар ошди;
уран ишлаб чиқариш 2,1 баробар кўпайди;
мис ишлаб чиқариш 1,4 баробар ўсди.
Натижада тармоқдаги умумий ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 баробар ошиб, ўтган йили 270 триллион сўмга етди.
Соҳада юқори маошли иш ўринлари ҳам кўпаймоқда. Масалан:
экскаватор машинисти — 30 миллион сўмгача;
бурғилаш мутахассиси ва катта самосвал ҳайдовчиси — 40 миллион сўмгача;
геолог ва маркшейдер — 70 миллион сўмгача маош олмоқда.
Тармоқ учун кадрлар тайёрлаш мақсадида қатор профиль олийгоҳлар ва филиаллар ташкил этилган. Хусусан, Олмалиқда “Москва пўлат ва қоришмалар институти” университети филиали (“МИСиС”), Олмалиқ техника институти, Тошкентда Геология фанлари университети ҳамда Италиянинг Пиза университети филиали ташкил қилинди.
Уларда ҳар йили 2,5 мингга яқин мутахассис тайёрланмоқда.
Бугун мисни мамлакат ичида чуқур қайта ишлаш кенгаймоқда. Бу йил ишга тушадиган янги лойиҳалар ҳисобидан бундай қувватлар 240 минг тоннага етиши кутилмоқда.