ТОШКЕНТ, 16 мар — Sputnik. Об-ҳаво исиши муносабати билан табиий газ учун иситиш мавсумида амал қилган ойлик 500 куб метрлик базавий меъёр 15 мартда тугади.
Энергетика вазирлиги хабарига кўра, 16 мартдан бошлаб эса одатий тартиб қайтди: аҳоли учун ҳар ойга 100 куб метрлик базавий меъёр қўлланади.
Таъкидланишича, Ўзгидромет маълумотига кўра, 16–20 март кунлари республика ҳудудларида кундузи ҳаво ҳарорати +22 даражагача, кечаси эса +10 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан 16 мартдан 1 ноябргача, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда эса 1 октябргача ҳар ой учун 100 куб метргача базавий меъёр амал қилади.
Март ойи учун муҳим изоҳ:
1–15 март кунлари учун 500 куб метрлик қишки базавий меъёрнинг ярми — 250 куб метр;
16–31 март кунлари учун 100 куб метрлик одатий базавий меъёрнинг ярми — 50 куб метр.
Демак, март ойининг иккинчи ярмидаги шу 50 куб метр газ учун ҳам аҳоли базавий тарифда тўлайди — 1 куб метр учун 1000 сўм. Агар шу ҳажм базавий меъёрдан ташқари ҳисобланганида, тариф 1800 сўм бўлар эди. Шу тариқа, ҳар бир хонадон 40 минг сўмгача тежаб қолиши мумкин.