ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубоги босқичида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари Оксана Чусовитина таяниб сакраш дастурида тўртинчи, Абдулазиз Мирвалиев эса эркин машқлар бўйича бешинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Оксана Чусовитина ва Абдулазиз Мирвалиев финал дастурида медаллар учун баҳс олиб борди. Якунда Чусовитина 13.133, Мирвалиев эса 13.233 балл тўплади.
Шу тариқа, ҳар икки спортчи Туркиянинг Анталья шаҳрида ўтказилаётган ушбу Жаҳон кубоги босқичидаги иштирокини якунлади.
Мусобақанинг мазкур босқичида Ўзбекистон шарафини Абдулазиз Мирвалиев, Ҳумоюн Исмоилов, Расулжон Абдураҳимов ва Оксана Чусовитина ҳимоя қилди.