Глобал Боку форумида Комилов Озарбайжон, МО ва транзит йўлаклар ҳақида фикр билдирди

Ўзбекистон делегацияси XIII Глобал Боку форумида иштирок этди. Тадбирда Марказий Осиёдаги ўзгаришлар, транспорт йўлаклари ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ўзбекистон делегацияси “Ўтиш даврини бошдан кечираётган дунёда келишмовчиликларни енгиб ўтиш” шиори остида ўтказилган XIII Глобал Боку форумида иштирок этди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
12–14 март кунлари бўлиб ўтган форумда дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан 400 га яқин нуфузли иштирокчи қатнашди.
Делегацияга Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов бошчилик қилди.
Музокараларда халқаро хавфсизлик архитектурасининг трансформацияси, кўп томонлама дипломатия инқирози ва глобал ноаниқлик шароитида барқарор ривожланиш йўллари муҳокама қилинди.
Абдулазиз Комилов ўз нутқида Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари сўнгги йилларда мисли кўрилмаган даражада ривожланаётганини таъкидлади.
У, шунингдек, Ўрта коридорни Хитой ва Марказий Осиёни Кавказ ҳамда Европа билан боғловчи энг қисқа йўналиш сифатида таърифлади. Қайд этилишича, ушбу йўлакни Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли, Трансафғон йўналиши ва Зангезур коридори билан уйғунлаштириш катта имкониятлар очади.
Комиловнинг фикрича, бу йўналишларни ўзаро боғлаш Шарқий Осиёдан Яқин Шарқ ва Европагача бўлган ҳудудни қамраб олувчи диверсификацияланган транспорт тармоғини шакллантириш имконини беради.
Транскаспий йўлаги: Тошкентда инвесторлар форуми ўтмоқда