Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОТБ мониторинги: Хитой билан 370 млн долларлик марказ, Амударё ва Сирдарёда сув камайиши

ЕОТБ мониторингида Ўзбекистонга оид йирик логистика лойиҳаси, вагонлар хариди ва 2026 йилги вегетация мавсуми олдидан сув захиралари камайиши қайд этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ)нинг “Евроосиёда инфратузилма” мониторингида Ўзбекистонга оид қатор лойиҳа ва прогнозлар келтирилди.
Мониторингда қайд этилишича, “Silkway CA” қўшма корхонаси ва China Railway Construction Engineering Group компанияси Тошкент вилоятида кўп тармоқли замонавий логистика марказининг биринчи босқичини қуриш бўйича EPC-шартнома имзолаган. Биринчи босқични 2027 йилда якунлаш режалаштирилган. Лойиҳага жами инвестициялар ҳажми 370 миллион долларни ташкил этади, уни 2030 йилгача амалга ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, мониторингда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1350 та юк вагонини харид қилиш учун 100 миллион доллар ажратиш тўғрисида қарор имзолагани қайд этилган. Ҳужжатда йилига 2 мингтагача вагон ишлаб чиқариш вазифаси ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, ЕОТБ 2026 йилда Марказий Осиё мамлакатларида сув таъминоти билан боғлиқ кескин вазият юзага келиши мумкинлигини прогноз қилди.
Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси маълумотларига кўра, 2025–2026 йилларда Амударё ҳавзасида вегетациялараро давр сувлилиги меъёрнинг 68 фоизини, Сирдарё ҳавзасида эса 87 фоизни ташкил этган. Амударё бўйича ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 101,8 фоизга етган.
Мониторинг муаллифлари хулосасига кўра, бу ҳолат минтақа мамлакатларининг фаол қишлоқ хўжалиги мавсумига чекланган сув захиралари билан кириб бориши хавфини кучайтирмоқда.
Евроосиё тараққиёт банки

Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) Евроосиё маконида инвестиция фаолиятини амалга оширувчи халқаро молиявий ташкилотдир. 18 йилдан ортиқ вақт мобайнида ЕОТБ ўз аъзолари бўлган мамлакатларнинг иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга, ҳар томонлама ривожланишига кўмаклашиб келмоқда. ЕОТБнинг устав капитали — 7 млрд. доллар. Банк портфелидаги асосий улушни транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергия, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларида интеграция эффектига эга бўлган лойиҳалар эгаллайди.

Ўзбекистон ЕОТБга 2025 йил сентябрь ойида аъзо бўлган.

Ўзбекистон ва ЕОИИ
Иқтисодиёти $600 млрд, аҳолиси 96 млн: ЕОТБ Марказий Осиё лойиҳа ва прогнозларини очиқлади