Тошкент ва Панжоб вилоятлари ўртасида биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация Покистонда бўлиб турибди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 мар – Sputnik. Ўзбекистоннинг Тошкент ва Покистоннинг Панжоб вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик "биродар ҳудудлар" мақомида ривожланади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация Покистонга амалий ташриф чоғида Лаҳор шаҳрида Покистон Мусулмон Лигаси етакчиси Муҳаммад Навоз Шариф ҳамда Панжоб вилояти бош вазири Марям Навоз Шариф билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Учрашувда томонлар Тошкент вилояти ва Панжоб вилояти ўртасидаги ҳамкорликни “биродар ҳудудлар” сифатида ривожлантиришга келишиб олди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, туризм, чорвачилик тармоғи, чарм саноати ва инвестисиялар соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари, ҳамда маданий ташаббусларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мезбон томон Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга самимий қизиқиш билдириб, илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлади.
Мирзаев Тошкент вилояти ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, бизнес доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.
Ўзбекистон-Покистон қўшма бизнес форуми: қандай келишувларга эришилди