Саидов Кўрфаз араб давлатлари элчилари билан Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилди

Учрашувда барча низоларни дипломатик йўллар орқали ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 мар – Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Кўрфаз араб давлатларининг мамлакатдаги элчилари билан учрашди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Учрашувда Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Саудия Арабистони подшоҳлиги, Қатар ва Ўмон султонлигининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
“Учрашувда Яқин Шарқдаги вазият бўйича фикр алмашдик. Минтақавий хавфсизликка таҳдид солаётган ҳолатлар юзасидан хавотир билдириб, кескинликнинг янада кучайишига йўл қўймаслик, шунингдек, барча низоларни дипломатик йўллар орқали ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал этиш муҳимлигини таъкидладик”, - дея ёзди ТИВ раҳбари.
Шунингдек, Ўзбекистон билан Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатларни янада ривожлантириш, “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” формати доирасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми

АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга зарба беришни бошлади. Зарбалар Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар олиб борилаётган вақтда амалга оширилди. Вашингтон ва Теҳрон музокараларининг сўнгги босқичи 26 февраль куни Женевада бўлиб ўтган эди.

АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Ундан ташқари, Миноб шаҳрида қизлар бошланғич мактабига берилган зарба оқибатида 171 нафар бола ва 15 нафар ўқитувчилар ҳалок бўлди.

Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берди. Бир неча кун давомида БАА, Баҳрайн, Уммон, Ироқ, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа қатор давлатлардаги АҚШ ҳарбий базалари зарбага учради.

Россия президенти Владимир Путин Эрон олий раҳбарига суиқасд барча инсоний ахлоқ нормалари ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Исроилнинг ҳужумларини қоралади ва зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.

Россия ва Хитой 1 март куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисини чақирди.

Яқин Шарқдаги кескинлашув: Саидов қатор давлатлар ТИВ раҳбарлари билан мулоқот ўтказди