ТОШКЕНТ, 13 мар – Sputnik. Sputnik Ўзбекистон мультимедиа матбуот марказида "Солиқ ҳамкорлиги: рақамлаштириш ва тажриба алмашиш" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Солиқ қўмитаси Бюджет даромадларини прогнозлаштириш департаменти директори ўринбосари Ҳамдамбек Бобожонов ва Солиқ қўмитаси Иқтисодий таҳлил ва яширин иқтисодиётни мониторинг қилиш бошқармаси бош давлат солиқ инспектори Камола Ахмеджанова иштирок этди.
Солиқ қўмитаси вакиллари блогерлар даромадларини назорат қилиш ва онлайн фаолият бўйича халқаро ҳамда минтақавий тажриба, сервисга йўналтирилган ёндашувларни жорий этиш ва солиқ органлари очиқлигини ошириш, солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ягона солиқ ҳисобварағини (ЯСҲ) қўллаш ва фуқаролар билан мулоқот учун рақамли хизматлар ва медиа воситаларини ривожлантириш ҳақида сўз юритишди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2000 нафардан ортиқ блогер фаолият юритмоқда, уларнинг даромадларининг катта қисми “яширин” қолмоқда
“Таҳлил қилинган 110 нафар блогердан фақат 88 нафари солиқдан расман рўйхатдан ўтгани аниқланган. Шунингдек, уларнинг атиги 66 нафари даромад солиғини тўлаган. Бу эса жуда паст кўрсаткич ҳисобланади”, - деди Камола Ахмеджанова
Унинг сўзларига кўра, блогерлар жойлаштираётган реклама ва бошқа онлайн рекламаларни маркировкалаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ҳар бир реклама учун алоҳида код бириктирилади.
Ҳамдамбек Бобожонов ЯСҲ жорий этиш бўйича Россия тажрибаси ўрганилганини билдирди.
"Россияга амалга оширилган расмий ташриф давомида ушбу тизимни жорий этишдан аввал кўрилган тайёргарлик ишлари, хусусан, қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича ҳам ўзаро ахборот алмашилди", — деди мутахассис.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ЯСҲ жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилади: аввал тизим бир минтақада синов режимида ишлайди, сўнгра бутун республикага тарқатилади.
"Аллақачон иш режаси бор. Россия билан биргаликда биз улар қандай муаммоларга дуч келгани ва уларни қандай ҳал қилганликларини ўрганмоқдамиз", - дея қўшимча қилди Солиқ қўмитаси Бюджет даромадларини прогнозлаштириш департаменти директори ўринбосари.
Батафсил – Sputnik видеосида.