ТОШКЕНТ, 13 мар – Sputnik. Евроосиё иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари энергия ресурсларининг умумий бозорларини яратиш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссиясининг (ЕИК) матбуот хизмати хабар берди.
ЕИКнинг энергетика ва инфратузилма бўйича вазири Арзибек Кожошев раислигида Нефть ва газ бўйича маслаҳатлашув қўмитаси аъзолари аъзо давлат раҳбарлари томонидан ЕОИИнинг нефть ва нефть маҳсулотлари умумий бозорларини шакллантириш ва ЕОИИнинг умумий газ бозорини 2030 йилгача ривожлантириш режасини ишлаб чиқиш бўйича қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилиши жараёнини муҳокама қилишди.
Кожошевнинг сўзларига кўра, ЕОИИ доирасида нефть ва газ саноатида ҳамкорликни чуқурлаштириш бугунги кунда устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
“Ёндашувларнинг яқинлашиши ва умумий энергия бозорлари бўйича ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқиш Евроосиё иқтисодий интеграциясини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга”, - деди ЕИК вазири.
Томонлар конструктив мулоқотга тайёр эканликларини билдиришди ва иттифоқнинг 2030 йилгача бўлган умумий газ бозорини ривожлантириш режасини ва ЕОИИ нефть ва нефть маҳсулотларининг умумий бозорларини шакллантириш бўйича халқаро шартномани тайёрлаш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олишди.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.