Ўзбекистонда ипотека субсидиясига аризалар қабули бошланди: шартлар ва банклар рўйхати

Ариза берувчи ижтимоий мезонлар бўйича камида 30 балл тўплаши, мос кредит тарихига эга бўлиши ва номларида турар жой бўлмаслиги керак.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. 16 март куни ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун аризалар қабул қилиш бошланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, субсидия олиш учун ариза берувчи ижтимоий мезонлар асосида баҳолаш натижасига кўра камида 30 балл тўплаши, шунингдек, кредит тарихи дастурда иштирок этувчи тижорат банкларидан камида биттасининг ички талабларига мос келиши керак.
Шу билан бирга, ариза берувчининг, жумладан унинг турмуш ўртоғининг номида Ўзбекистоннинг ҳеч бир ҳудудида мулк ҳуқуқи асосида турар жой бўлмаслиги лозим. Унинг ўртача ойлик даромади ҳам белгиланган ижтимоий мезонлар доирасида бўлиши шарт.
Аризаларни қуйидаги усуллар орқали топшириш мумкин:
Давлат хизматлари марказлари орқали;
myGov мобил иловаси орқали.
Вазирлик муҳим эслатма билан чиқди: ариза топшириш ва баҳолаш жараёнида OneID тизимидаги шахсий маълумотларни бошқариш панели орқали иштирок этувчи тижорат банкларига кредит тарихини баҳолаш учун тегишли маълумотлардан фойдаланишга рухсат берилган бўлиши керак. Шунингдек, кредит тарихини олишга нисбатан вақтинчалик чеклов ўрнатилмаган бўлиши лозим.
Субсидияли ипотека кредитлари дастурида қуйидаги 15 та тижорат банки иштирок этади:
"Агробанк", "Алоқабанк", "Асакабанк", "Asia Alliance Bank", "Бизнесни ривожлантириш банки", "Ҳамкорбанк", "Ипак йўли", "Ипотекабанк OTP Group", "Микрокредитбанк", "Orient Finans", "Трастбанк", "Туронбанк", "Халқ банки", "Ўзмиллийбанк" ва "Ўзсаноатқурилишбанк".
Келаси йили Ўзбекистонда имтиёзли ипотека кредити 15% га оширилади