ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Футбол бўйича Россия ёшлар терма жамоаси Туркиянинг Анталия шаҳридаги ўқув-машғулот йиғини доирасида Ўзбекистон ва Иорданияга қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бу ҳақда Россия футбол иттифоқи матбуот хизмати хабар қилди.
Россияликлар Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига қарши 27 март куни Тошкент вақти билан соат 18:30 да, Иорданияга қарши эса 30 март куни соат 17:00 да майдонга тушади.
Россия ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари охирги марта ўтган йил июнь ойида Фарғонада ўзаро тўқнаш келган. Ўшанда ҳар икки учрашув ҳам россияликлар фойдасига ҳал бўлган — 3:0 ва 6:3. Россия ва Иордания ёшлар жамоалари эса ҳозиргача бир-бирига қарши майдонга тушмаган.
Россия ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Иван Шабаровнинг айтишича, Ўзбекистон билан аввалги ўйинлар шиддатли ва сермаҳсул ўтган. Бу сафар ҳам рақиб ўтган йилги ёш тоифасида ўйнайди, Россия томонидан эса таркиби анча янгиланган жамоа майдонга тушади.
Мураббийнинг таъкидлашича, Иордания эса янада тажрибали — 23 ёшгача бўлган таркиб билан иштирок этади. Ушбу жамоа январь ойида Осиё кубогида чорак финалгача етиб бориб, Японияга пенальтилар сериясида мағлуб бўлган.