Президент кимё саноатида $2,5 млрд инвестиция ва $720 млн экспорт режалари билан танишди

Президент кимё саноатида экспортни 720 миллион долларга етказиш, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни ошириш ва янги қувватларни ишга тушириш режалари билан танишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев кимё саноатида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилда кимё маҳсулотлари экспортини 720 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, азотли ўғитлар ишлаб чиқаришни 1 миллион 120 минг тоннага, фосфорли ўғитларни 135 минг тоннага, калийли ўғитларни 222 минг тоннага етказиш зарурлиги қайд этилди.
Маълум қилинишича, жорий йилда 9,5 миллиард долларлик 133 та лойиҳа доирасида 2,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган. Жумладан, 24 та стратегик лойиҳа бўйича 1,3 миллиард доллар ўзлаштирилиб, 7 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилиши керак.
Шу билан бирга, Қўнғирот сода заводи, “Самарқандкимё” ва Деҳқонобод калий заводига оид йирик лойиҳалар муддатлари чўзилаётгани қайд этилиб, уларни жадаллаштириш топширилди.
Йиғилишда “Аммофос-Максам” корхонасида тўпланган фосфогипс чиқиндиларини қайта ишлаш ва ундан қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқариш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан кимё-технология инновация марказини ташкил этиш режаси маълум қилинди.
Тақдимотда эритувчи моддалар, қуруқ циан тузлари, каустик сода, силикон, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, “Фарғонаазот”, “Навоийазот”, Тошкент вилояти ва Биринчи резинотехника заводидаги янги ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳақида ҳам ахборот берилди.
Бундан ташқари, “Ўзкимёсаноат” тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш, ERP тизимини кенг жорий этиш, ахборот тизимларини ягона рақамли платформага бирлаштириш ва минерал ўғитларга эҳтиёжни прогнозлашда сунъий интеллект технологияларини қўллаш режалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, маҳсулот таннархини 10–15 фоизгача камайтириш вазифаси қўйилди.
Якунда давлат раҳбари мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
"Ўзбекнефтгаз" ва "КазМунайГаз" Қашқадарёда $250 миллионлик мажмуа қуришни жадаллаштиради