Санкциялар юмшамоқда: экспертлар АҚШ-Эрон можаросидан Россия энг кўп фойда кўришини айтди

Эрон можароси ортидан нефть нархи ўсиши ва энергия таъминоти хавфлари фонида Россия нефть ва газига қарши чекловларни юмшатиш ҳақидаги чақириқлар кучайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операцияси фонида Россия нефть нархининг ошиши ва Россия нефтига доир санкциялар юмшатилиши эҳтимоли ортидан энг кўп фойда кўрувчи томонга айланиши мумкин. Бу ҳақда CNBC телеканалига бир қатор таҳлилчилар маълум қилди.
“Россия АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан урушидан асосий фойда олувчи сифатида тобора кўпроқ намоён бўлмоқда. Айниқса, юқори нефть нархлари ва Қўшма Штатлар томонидан Ҳиндистонга Россия хом нефтини сотиш бўйича чекловлар юмшатилиши фонида”, — деди MST Marquee таҳлил компаниясининг энергетика тадқиқотлари бўлими бошлиғи Сол Кавоник.
Шунга ўхшаш фикрларни бошқа таҳлилчилар ҳам билдиришди.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп айрим давлатларга нисбатан нефть бўйича санкциялар бекор қилинаётганини маълум қилди.
“Биз нархларни пасайтириш учун нефть бўйича бир қатор санкцияларни бекор қилмоқдамиз. Баъзи мамлакатларга нисбатан чекловлар бор ва вазият яхшиланмагунча уларни тезроқ олиб ташламоқчимиз. Кейин эса — ким билади, балки уларни қайта киритмасмиз. Чунки тинчлик тикланади”, — деди Трамп.
"The Telegraph" нашрининг ёзишича, аввал Россия суюлтирилган газидан тўлиқ воз кечишни режалаштирган Европа Иттифоқи бу қарорини қайта кўриб чиқиши мумкин.

“Нархлар ошиши шароитида Европа 2027 йилгача Россиянинг суюлтирилган газидан босқичма-босқич воз кечиш режасини қайта кўриб чиқишига тўғри келиши мумкин”, - дейилади нашр хабарида.

Россия президенти Владимир Путин журналистнинг тегишли саволига жавобан Россия нефть ва газ етказиб бериш масаласида Европа билан ҳамкорликка тайёр эканини, аммо бунинг учун Европа томонидан ҳам тайёрлик сигналлари кераклигини айтди.
Аввалроқ Венгрия бош вазири Виктор Орбан Еврокомиссия раҳбарига ЕИнинг Россия энергетика секторига қарши санкцияларини қайта кўриб чиқишга чақириб мурожаат қилганини айтган эди.

“Бутун Европада Россия энергетикасига қарши барча санкцияларни қайта кўриб чиқиш ва тўхтатиш керак. Мен буни бугун Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга йўллаган мактубимда илгари сурдим”, — деди Орбан.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми

АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга зарба беришни бошлади. Зарбалар Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар олиб борилаётган вақтда амалга оширилди. Вашингтон ва Теҳрон музокараларининг сўнгги босқичи 26 февраль куни Женевада бўлиб ўтган эди.

АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Ундан ташқари, Миноб шаҳрида қизлар бошланғич мактабига берилган зарба оқибатида 171 нафар бола ва 15 нафар ўқитувчилар ҳалок бўлди.

Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берди. Бир неча кун давомида БАА, Баҳрайн, Уммон, Ироқ, Саудия Арабистони ва бошқа қатор давлатлардаги АҚШ ҳарбий базалари зарбага учради.

Россия президенти Владимир Путин Эрон олий раҳбарига суиқасд барча инсоний ахлоқ нормалари ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Исроилнинг ҳужумларини қоралади ва зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.

Россия ва Хитой 1 март куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисини чақирди.

АҚШ-Эрон можароси нефть нархини оширди — бир қатор мамлакатларда бензин қимматлашмоқда