Самарқанд ва Сурхондарёда кадастр ходими ва собиқ солиқчи ноқонуний пул олганида ушланди

Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда кадастр соҳаси ва солиқ тизимига алоқадор икки шахс пул олган вақтида қўлга олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Самарқанд вилояти Пастдарғом туман ва Сурхондарё вилояти Шеробод туманида ер кадастри ҳамда солиқ соҳаси билан боғлиқ коррупциявий ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Давлат кадастрлари палатасининг Пастдарғом туман филиали кадастр муҳандиси ушланди.
У маҳаллий фуқарога тегишли 2 сотих ер майдонининг кадастр паспортини ваколатли танишлари орқали давлат рўйхатидан ўтказиб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 2,5 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.
Ҳозирда муҳандисга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш жиноятида иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Яна бир тезкор тадбирда ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари Шеробод тумани давлат солиқ инспекциясининг собиқ бош инспекторини ушлади.
У вилоят иқтисодий судида кўрилаётган иш доирасида боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига нисбатан эгалик ҳуқуқини тиклаб бериш эвазига 1983 йилда туғилган фуқародан 10 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Кадастр, божхона ва электр соҳаси ходимлари коррупция ишлари бўйича қўлга олинди