Россия президенти Эрон Ислом Республикаси Олий Раҳбари Оятуллоҳ Сейид Али Хоманаийнинг, унинг оила аъзолари ва мамлакат ҳарбий ва сиёсий раҳбариятининг ўлдирилиши ҳамда Исроил-Америка ҳарбий тажовузи натижасида кўплаб тинч аҳолининг қурбон бўлиши муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.
Ушбу муносабат билан Владимир Путин Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар раҳбарлари билан доимий алоқада эканлигини таъкидлади.
АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга зарба беришни бошлади. Зарбалар Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар олиб борилаётган вақтда амалга оширилди. Вашингтон ва Теҳрон музокараларининг сўнгги босқичи 26 февраль куни Женевада бўлиб ўтган эди.
АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Ундан ташқари, Миноб шаҳрида қизлар бошланғич мактабига берилган зарба оқибатида 171 нафар бола ва 15 нафар ўқитувчилар ҳалок бўлди.
Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берди. Бир неча кун давомида БАА, Баҳрайн, Уммон, Ироқ, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа қатор давлатлардаги АҚШ ҳарбий базалари зарбага учради.
Россия президенти Владимир Путин Эрон олий раҳбарига суиқасд барча инсоний ахлоқ нормалари ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини таъкидлади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Исроилнинг ҳужумларини қоралади ва зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.
Россия ва Хитой 1 март куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисини чақирди.