Турли мутахассислар хулосасига кўра, объектив нуқтаи назардан Эрон ҳудуди уч томондан тоғлар билан ўралган, ўзига хос табиий қальа бўлиб, қуруқликдан бостириб кириш операциясини мураккаблаштиради.
АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга зарба беришни бошлади. Зарбалар Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар олиб борилаётган вақтда амалга оширилди. Вашингтон ва Теҳрон музокараларининг сўнгги босқичи 26 февраль куни Женевада бўлиб ўтган эди.
АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида Эрон Олий раҳбари оятуллоҳ Али Ҳоманаий ҳалок бўлди. Ундан ташқари, Миноб шаҳрида қизлар бошланғич мактабига берилган зарба оқибатида 171 нафар бола ва 15 нафар ўқитувчилар ҳалок бўлди.
Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб зарбалари берди. Бир неча кун давомида БАА, Баҳрайн, Уммон, Ироқ, Саудия Арабистони ва бошқа қатор давлатлардаги АҚШ ҳарбий базалари зарбага учради.
Россия президенти Владимир Путин Эрон Олий Раҳбарига суиқасд барча инсоний ахлоқ нормалари ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканини таъкидлади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Исроилнинг ҳужумларини қоралади ва зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.
Россия ва Хитой 1 март куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисини чақирди.