ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Бу ҳақда президент фармони қабул қилинди.
Ҳужжат аҳолини уй-жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини рағбатлантиришга қаратилган.
Фармоннинг асосий мақсадлари:
уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқини таъминлаш;
кўп квартирали уйлар бозорида талабга мос таклифни ошириш;
ер ажратиш ва рухсат бериш жараёнларини соддалаштириб, инвестиция-қурилиш даврини 1,5 бараваргача қисқартириш.
Фармонга кўра, ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” массивлари учун танлаб олинган янги ҳудудларга ушбу мақом берилиб, уларга амалдаги тартиблар ва молиялаштириш механизмлари татбиқ этилади.
Мазкур массивларда йўл-транспорт инфратузилмаси қурилишида:
қайта тикланувчи энергия манбалари;
энергия тежовчи ускуналар;
муқобил иссиқлик тизимлари қўлланилади.
Шунингдек, “яшил” транспорт муҳитини шакллантириш режалаштирилган.
Фармонга мувофиқ, тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган инвестиция компаниялари ташкил этилади.
Ипотека дастури доирасида бир қатор янгиликлар жорий этилади.
Жумладан:
уй сотиб олиш учун субсидия ажратиладиган фуқароларни баҳолаш жараёни subsidiya.idm.uz платформаси орқали инсон омилисиз автоматлаштирилади;
1 апрелдан бюджет ресурслари ҳисобидан ипотека кредитлари расмий даромадга эга фуқароларга, шунингдек, ижтимоий солиқни ихтиёрий тўлаган ўзини ўзи банд қилган шахсларга ҳам ажратилади.
Бунда:
2026 йилда — охирги 1 йил давомида,
2027 йилда — 2 йил,
2028 йилдан — 3 йил давомида ижтимоий солиқни тўлиқ тўлаганлар ипотека олиш имкониятига эга бўлади.