ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда Сирдарёни Хитой тажрибаси асосида илғор инновацион ҳудудга айлантириш бўйича ишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Корея Республикаси, Япония ва Малайзияга амалга оширилган хизмат сафарлари доирасида инвесторлар билан музокаралар ўтказилиб, юзлаб миллион долларлик лойиҳалар шакллантирилгани қайд этилди.
Жорий йилда вилоятга 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Бунинг ҳисобига жорий йилда:
ялпи ҳудудий маҳсулот – 9 фоизга;
саноат – 8,2 фоизга;
хизматлар – 15,4 фоизга;
қишлоқ хўжалиги – 6,8 фоизга;
қурилиш – 15 фоизга ўсиши режалаштирилган.
Ўтган йили вилоятда камбағаллик даражаси 11,3 фоиздан 6,2 фоизга туширилди.
Жорий йилда тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 10 триллион сўм ресурс ажратилади. Бу орқали 185 минг аҳолини иш билан таъминлаш, ишсизликни 4,6 фоизга, камбағалликни 3 фоизгача камайтириш режалаштирилган.
Шунингдек, бир қатор инфратузилма ва инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Инфратузилма:
349 км электр тармоқлари қуриш;
99 та трансформатор ўрнатиш;
ичимлик суви билан таъминлашни 89,5 фоизга етказиш.
Уй-жой қурилиши:
3,5 минг хонадондан иборат 80 та кўп қаватли уй қурилиши, шундан 1,5 минг хонадон “Янги Ўзбекистон” массивларида.
Қишлоқ хўжалиги:
“Сирдарё агро инвест” компаниясини ташкил этиш;
Ховосда юқори агротехнологияли экин майдонлари;
20,8 минг гектарда сув таъминотини яхшилаш;
748 миллион куб метр сувни тежаш;
Шунингдек, қатор янги ташаббуслар режалаштирилган:
Ховос туманида Венгрия тажрибаси асосида “ақлли қишлоқ” пилот лойиҳаси;
Гулистондаги “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида 5 минг иш ўринли лойиҳалар;
100 миллион долларлик қуёш панеллари ишлаб чиқариш;
Боёвут туманида “Султонҳовуз” сув омбори қурилиши бўйича техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш;
йўллар таъмирига халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш
Мирзаободда анорни сақлаш ва қайта ишлаш агромажмуаси
Президент ёшларни замонавий касблар ва тилларга ўқитиш масаласига ҳам эътибор қаратиб, халқаро стандартлар асосида малака баҳолаш марказларини ташкил этиш ва камида 2 минг ёшни касб-ҳунарга тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.