ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Энди ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс автомобил бошқарса, бу ҳолат камералар орқали аниқланади ва ҳуқуқбузарга нисбатан чора кўрилади. Бу ҳақда ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳозирда мамлакат автомобиль йўлларига шахсни юзидан аниқлаш функциясига эга камералар ҳамда фото ва видео қайд этиш қурилмалари ўрнатилган.
Жорий йилнинг 23 февралидан 3 мартгача ушбу қурилмалар тест режимида ишлатилди. Шу даврда камералар орқали бир қатор ҳолатлар аниқланган.
Жумладан:
ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг автомобил бошқаргани;
ҳайдовчиларнинг бошқарув вақтида телефондан фойдалангани.
Эндиликда мазкур камералар қоидабузарликларни онлайн тарзда аниқлаб, автоматик равишда чора кўра бошлайди.
Маълум қилинишича, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда автомобил бошқарганлик учун:
биринчи марта — БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима;
такрорий ҳолатда — 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
ЙҲХБ маълумотига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган назорат тадбирлари давом этади.