ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки октябрь ойида бошланган харидлар сериясини давом эттириб, январь ойида 9 тонна олтин сотиб олди. Натижада мамлакатнинг олтин захиралари 399 тоннага етди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) маълум қилди.
Ташкилот маълумотларига кўра, Ўзбекистон олтин захираларининг улуши сезиларли даражада ошган: агар 2020 йилда олтин умумий захираларнинг 57 фоизини ташкил этган бўлса, 2026 йил январь ойига келиб бу кўрсаткич 86 фоизга етган.
РИА Новости маълумотига кўра, январь ойида Туркия 10,2 тонна олтин харид қилиб, марказий банклар орасида етакчи бўлди.
Шу билан бирга, январь ойида Россия банки 9 тонна олтин сотиб, марказий банклар орасида энг йирик соф сотувчига айланди. Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам олтин захираларини бир тоннадан камайтирди.
WGC маълумотига кўра, январь ойида марказий банкларнинг соф олтин харидлари 5 тоннани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган 12 ойдаги ўртача 27 тоннага нисбатан анча паст. Бунда “соф харидлар” марказий банклар томонидан сотиб олинган ва сотилган олтин ўртасидаги фарқни англатади. Масалан, Ўзбекистон 9 тонна олтин сотиб олган бўлса, Россия шунча ҳажмда сотган.
Хитой кетма-кет 15 ой давомида олтин харид қилиб, унинг захиралардаги улушини деярли 10 фоизгача оширди.
Таъкидланишича, кейинги 10–15 кун жорий йилдаги геосиёсий вазият шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин. АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик сақланиб қолаётгани ва дипломатик келишув кутилмаётгани геосиёсий ноаниқликни кучайтирмоқда. Бундай шароитда марказий банклар одатда олтин захираларини оширишга интилади.