ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Тошкентда Ўзбекистон–Хитой бизнес форумида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни кўпайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар бермоқда.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимовнинг маълум қилишича, 2025 йил якунларига кўра Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 17,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 34 фоизга кўп.
Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
“Яқин келажакда ушбу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз”, — деди Касимов.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 15,8 миллиард доллар миқдорида Хитой инвестициялари жалб қилинган. 2026 йилда эса бу кўрсаткични 21 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, форумда стратегик аҳамиятга эга Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланишича, мазкур магистрал Ўзбекистонни шарқ ва ғарб ўртасидаги муҳим транспорт хабига айлантиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқармаси бошлиғи А. Раҳмонов Янги Тошкент шаҳрида Сиань шаҳарчасини барпо этиш ташаббусини илгари сурди. Унинг фикрича, бу лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
Форум доирасида жорий йил май ойида Сиань шаҳрида бўлиб ўтадиган учинчи Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро форумига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.