ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Украина Қуролли кучлари бўлинмаларидан бирининг молиявий-иқтисодий хизмати бошлиғи фронт ортидаги қўл остидагиларга ноқонуний равишда жанговар тўловлар ҳисоблаган. Давлатга етказилган зарар деярли 270 минг долларни ташкил этди. Бу ҳақда РИА Новости Украина бош прокурори идораси маълумотларига таяниб хабар берди.
Идора маълумотига кўра, Запорожье вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бири молия-иқтисодий хизмати бошлиғи бўлган майор хизмат мавқеини суиистеъмол қилишда гумон қилинмоқда. У фронтнинг биринчи чизиғида хизмат қилмаган ҳарбийларга ноқонуний равишда қўшимча жанговар тўловлар ҳисобланишига кўмаклашган.
Натижада фронт ортидаги 11 нафар ҳарбий хизматчига 4,25 миллион гривна (тахминан 98 минг доллар) тўланган.
Тергов маълумотларига кўра, майор ўз қўл остидаги ходимга электрон кабинетга кириш учун логин ва паролни берган. У эса “Иш ҳақи лойиҳаси” тизими орқали тўлов реестрларига “мавжуд бўлмаган” ҳарбий хизматчиларни киритиб, банк карталари реквизитларини ўзгартирган ва маблағларни турли ҳисобларга, жумладан шахсий карталарига ўтказган. Бу ҳаракатлар натижасида ҳарбий қисмга 7,36 миллион гривна (169,5 минг доллар) зарар етказилган.
Бу Украина Қуролли кучларидаги коррупция билан боғлиқ ягона ҳолат эмас. Аввалроқ ҳаво кучлари логистика қўмондони ва Житомир вилоятидаги бошқарма раҳбари ҳарбий аэродромларда бошпаналар қурилишидаги коррупция гумони билан қўлга олинган эди. УҚК маълумотларига кўра, мазкур лойиҳа учун 32 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилган.