Президент Хоразмни ривожлантириш бўйича янги вазифаларни белгилади

Хоразм вилоятини ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгиланди. Туризм инфратузилмасини кенгайтириш, саноат лойиҳаларини амалга ошириш ва инвестицияларни ошириш режалари муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва келгуси устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда аҳолининг 67 фоизи қишлоқ жойларда яшаши қайд этилиб, қишлоқларда қўшимча даромад манбаларини яратиш орқали ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўтган йили вилоятга 12,5 миллион турист келган. Бироқ хизматлар сифати ва янги маршрутлар ташкил этиш ишлари етарли эмаслиги қайд этилди. Шу муносабат билан Хива шаҳри ва унинг атрофида сервис объектлари барпо этиш, Сулаймон қалъа мажмуасини туристик объект сифатида ривожлантириш ҳамда Урганчдаги Шовот канали бўйида дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Саноат соҳасида Питнак шаҳридаги автомобиль заводи қувватини ошириш ва маҳаллийлаштириш даражасини 62 фоизга етказиш орқали машинасозлик кластерини шакллантириш режалаштирилган. Шунингдек, Ҳазораспда кимё ва озиқ-овқат, Шовотда мебелчилик ва текстиль лойиҳалари амалга оширилади.
Вилоят инфратузилмасини ривожлантириш учун 1,6 миллиард доллар ажратилиши маълум қилинди. Жорий йилда 2 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилиш ва 510 миллион доллар экспортга эришиш вазифаси қўйилди.
Ўтган йили Хоразмда камбағаллик даражаси 11,9 фоиздан 6,7 фоизга тушган. Йил якунига қадар бу кўрсаткични камида 3 фоизгача қисқартириш режалаштирилган.
Шунингдек, 158 км канални реконструкция қилиш, 270 та насос агрегатини модернизация қилиш, тадбиркорлик лойиҳалари учун 81 млн доллар ажратиш ва Ўзбекистон–Туркманистон чегараолди савдо зонасини ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.
“Шовот–Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонаси ишга тушди