Эрон можароси: сабаблар, ракета захиралари, эҳтимолий давомийлиги - томонлар баёнотлари

Яқин Шарқдаги кескинлик кучайиши ортидан АҚШ, Исроил ва Эрон раҳбарлари ўзаро айбловлар ва таҳдидларга бой баёнотлар билан чиқиш қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Яқин Шарқдаги кескинлик ортидан АҚШ, Исроил ва Эрон расмийлари ўзаро айбловлар ва таҳдидлар билан чиқиш қилди. Халқаро ташкилотлар ва йирик давлатлар ҳам ўз позицияларини билдирди.
Эрон позицияси
Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчи:
"Эрон қўшниларига эмас, Америка ҳарбий базаларига ҳужум қилмоқда".
Эроннинг БМТдаги вакили Али Баҳрайний:
"Эрон ҳеч қачон дипломатик йўлдан воз кечмаган. Аксинча, айнан АҚШ ва Исроил бир неча бор дипломатик жараёнларга путур етказган. Уруш ҳеч қачон Эроннинг танлови бўлмаган".
Шунингдек:
"Босқинчилик урушини бошлаб, АҚШ ўзининг барча объектларини Эроннинг ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқи контекстида қонуний нишонларга айлантирди".
АҚШ позицияси
Дональд Трамп:
"Агар мен Обаманинг Эрон билан тузган даҳшатли ядровий келишувини бекор қилмаганимда, Эрон уч йил олдин ядро қуролига эга бўларди".
"Қўшма Штатларда ўрта ва катта калибрли ўқ-дориларнинг деярли чексиз захираси бор, аммо улар биз хоҳлаган даражада эмас".
У Америка объектларига таҳдид уни хавотирга солмаслигини айтди:
"Бу урушнинг бир қисми… Биз катта зарар етказмоқдамиз. Мақсадга жуда яқинмиз. Биз уларни тубдан орқага улоқтирмоқдамиз".
Шунингдек Трамп операция мақсадига жуда яқин эканини билдирди.
Давлат котиби Марко Рубио:
"Биз Исроилнинг ниятларидан хабардор эдик. Муқаррар таҳдид шунда эдики, агар Эрон ҳужумга учраса, у дарҳол жавоб қайтариши мумкин эди".
"Қўшма Штатлар қисқа масофали баллистик ракеталар ва ҳарбий-денгиз инфратузилмасига қарши операция ўтказмоқда".
"Биз қонунга 100 фоиз амал қилдик ва амал қилишда давом этмоқдамиз".
"Биз Эронда режим ўзгаришини кўришдан хурсанд бўлардик, аммо миссия мақсади — биз ва иттифоқчиларимизга таҳдид солувчи қуроллар қолмаслиги".
"Ҳужумларнинг кейинги босқичи Эрон учун ҳозиргидан ҳам оғирроқ бўлади".
"Ҳозирча қуруқликдаги қўшинларни жойлаштирмаяпмиз, аммо президентда бундай вариантлар ҳам бор".
У можародан кейин Эронни бошқаришда иштирок этиш эҳтимолини истисно қилмади.
Мактабга берилган зарба ҳақида саволга жавоб бериб:
"Мен хабарларни кўрдим… адашишни истамайман… Қўшма Штатлар мактабга атайлаб зарба бермаслиги аниқ".
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс:
"Биз операцияни яна бироз давом эттиришимиз мумкин, ҳатто бундан ҳам узоқроқ".
"Бунинг (Ироқ ва Афғонистондан — таҳр.) фарқи шундаки, президент нимага эришмоқчи эканини аниқ белгилаган ва мамлакатни равшан мақсадсиз, кўп йиллик можарога тортилишига ҳеч қандай йўл қўймайди".
Давлат котиби ёрдамчиси Мора Намдар:
"Давлат департаменти америкаликларни хавфсизликка жиддий таҳдидлар сабабли санаб ўтилган мамлакатлардан зудлик билан чиқиб кетишга чақиради".
АҚШ фуқаролари Баҳрайн, Миср, Эрон, Ироқ, Исроил, Иордания, Кувайт, Ливан, Ўмон, Қатар, Саудия Арабистони, Сурия, БАА ва Яманни тарк этишга чақирилди.
Исроил позицияси
Бинямин Нетаняху:
"Туганмас уруш бўлмайди. Бу тезкор ва қатъий операция бўлади".
"Биз ёмон йигитлар билан жанг қиляпмиз. Биз яхши йигитлармиз".
У Трампни урушга тортгани ҳақидаги иддаоларни "бемаънилик" деб атади ва уни Америка учун тўғри деб билган ишини қилаётганини таъкидлади.
Халқаро реакция
НАТО бош котиби Марк Рютте альянс зарбаларни қўллаб-қувватлашини, аммо ҳарбий иштирок режалаштирилмаётганини билдирди.
Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси вакили Лю Пенюй РИА Новостига суверен давлат раҳбарини очиқчасига ўлдириш ва ҳокимият алмашинувини қўзғатиш номақбул эканлигини билдирди.
Буюк Британиянинг M I6 разведка хизматининг собиқ раҳбари Жон Соерс сўзларига кўра Теҳронда ҳокимият алмашиши ҳақидаги сценарий бу уйдурма ва фантастика.
Яман шимолидаги “Ансор Алла” ҳаракати, “Известия” манбасига кўра, ҳозирча можарога аралашиш ниятида эмас, чунки Эрон босимга мустақил қарши тура олади.
АҚШ ва Исроил Эрон–араб давлатлар муносабатларини издан чиқаришга уринмоқда — Россия ТИВ