Зарбалар оқибатида Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Хоманаий ҳалок бўлди

АҚШ ва Исроил зарбалари ортидан Эрон олий раҳбари Али Хоманаий ҳалок бўлди. Шунингдек, Мудофаа кенгаши котиби ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Эрон давлат агентликлари хабарига кўра, АҚШ ва Исроил томонидан берилган зарбалар оқибатида мамлакат олий раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Ҳусайний Хоманаий ҳалок бўлгани тасдиқланди.
Али Хоманаийнинг вафотидан сўнг мамлакат бўйлаб 40 кунлик мотам эълон қилди. Шунингдек, бир ҳафта дам олиш куни деб белгилангани хабар қилинмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида олий раҳбарнинг қизи, куёви ва набираси ҳалок бўлгани тасдиқланган. Бундан ташқари, унинг келинларидан бири ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Шу билан бирга, Мудофаа кенгаши котиби, вице-адмирал Али Шамхоний ҳамда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал Муҳаммад Пакпур ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда.
IRNA агентлиги маълумотига кўра, зарбалар Эрон ҳудудидаги қатор объектларга, жумладан, Теҳронга берилган. Tasnim ва Фарс агентликлари Теҳрон марказидаги Энгелоб майдонида минглаб одамлар мотам тутган ҳолда йиғилаётганини, “Америкага ўлим” ва “Исроилга ўлим” каби шиорлар янграётганини хабар қилмоқда.
Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Моҳбер баёнотига кўра, мамлакат Конституциясига мувофиқ, президент, суд ҳокимияти раҳбари ва Конституция қўриқчилари кенгаши аъзоларидан бири ўтиш даврида олий раҳбар вазифасини вақтинча бажаради.
АҚШ президенти Доналд Трамп CBS телеканалига берган интервьюсида, ҳужумлардан сўнг Эрон билан келишувга эришиш “бир кун олдингига қараганда осонроқ” бўлганини айтган.
Қисқача маълумот: Али Хоманаий ҳаёти ва фаолияти
Тўлиқ исми: Саййид Али Ҳусайний Хоманаий (форсча талаффузи: Саййид Али Ҳосейни Хаменеи)
Туғилган санаси: 1939 йил 17 июль, Машҳад шаҳри.
1964 йилда Қум илоҳиёт семинариясини тамомлаган.
1964–1968 йилларда Машҳадда диний таълимни давом эттирган.
1963–1975 йиллар оралиғида шоҳ даври хавфсизлик хизмати томонидан бир неча бор ҳибсга олинган.
1979 йилги Ислом инқилобидан сўнг Теҳронда жума намози имоми этиб тайинланган.
1981 йил сентябрида 95 фоиз овоз билан Эрон Ислом Республикасининг учинчи президенти этиб сайланган, 1985 йилда қайта сайланган.
1989 йил 4 июнда Руҳоллоҳ Ҳумайний вафотидан сўнг, Эрон Ислом Республикасининг олий раҳбари этиб сайланган.
1994 йилдан бошлаб унинг диний мартабаси халқаро шиа уламолари томонидан эътироф этилган.
Хоманаий араб, турк ва инглиз тилларини билган, ислом ва тарихга оид қатор асарлар муаллифи ва таржимони бўлган. У уйланган, олти нафар фарзанди бор эди.
Эрондаги мактабда камида 85 нафар бола ҳалок бўлди