Ўзбекистон Яқин Шарқдаги можаро томонларини вазминликка чақирди

Ташқи ишлар вазирлиги можарони дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилишни тавсия қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Бугун Яқин Шарқ минтақасида содир бўлган воқеалар юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти эълон қилинди. Қуйида унинг тўлиқ матни.
"Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва кенг минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирдалигини билдиради.
Барча томонларни вазминликка даъват этиб, нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз.
Вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаймиз.
Ўзбекистон Республикаси минтақавий барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашнинг изчил тарафдори ва вазиятнинг энг тез фурсатларда нормаллашувидан умидвор бўлиб қолади", - дейилади баёнотда.