Халқаро дзюдо федерацияси президенти Тошкентга келди

Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” турнири олдидан Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер расмий ташриф билан пойтахтга етиб келди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” турнирининг фахрий меҳмони — Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер пойтахтга етиб келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакат дзюдо федерацияси раҳбарияти кутиб олди.

Эслатиб ўтамиз, 27 февраль-1 март кунлари Тошкент шаҳрида дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнири бўлиб ўтади. Мазкур мусобақа IJF тақвимидаги нуфузли рейтинг турнирларидан бири ҳисобланади. Унда дунёнинг барча қитъаларидан 400 нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда.

“Катта дубулға” турнири Олимпия рейтинг очколарини тақдим этадиган мусобақа бўлиб, ундаги натижалар спортчиларнинг халқаро рейтингдаги ўрнига бевосита таъсир кўрсатади.
Маълумот учун, International Judo Federation (IJF) — 1951 йилда ташкил этилган халқаро спорт ташкилоти бўлиб, дунё бўйлаб дзюдо спорт турини бошқаради. Федерация таркибига 200 тадан ортиқ миллий федерация аъзо. IJF жаҳон чемпионатлари, “Катта дубулға”, “Гран-при” ва бошқа йирик халқаро мусобақаларни ташкил этади.
ANOC раҳбари ўринбосари шайх Жавъан Бош Ассамблеяда иштирок этиш учун Тошкентга келди