ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокими Маҳмуд Холбўтаев коррупцион жиноятларда айбдор деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Зомин туман судининг 25 февралдаги ҳукми билан у Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш), 206-моддаси (мансаб ваколатидан четга чиқиш), 210-моддаси (пора олиш) ҳамда 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Суд ҳукмига мувофиқ, у 3 йил муддатга давлат бошқарув органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Шунингдек, БҲМнинг 150 баравари миқдорида (тахминан 62 млн сўм) жарима жазоси ва 11 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шу билан бирга, туман ҳокимлигида бош мутахассис лавозимида ишлаган Н.И. (1987 йилда Жиззах вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 28 ва 210-моддалари (пора бериш жиноятида иштирок этиш) назарда тутилган жиноятда айбдор деб топилди. Унга 2 йил давлат бошқарув органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди.
Судланувчилар жазони умумий тартибли колонияда ўтайди. Ҳукм устидан қонунда белгиланган тартибда апелляция ёки кассация шикояти бериш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Маҳмуд Холбўтаев 2025 йил июль ойида 10 минг доллар пора олаётганда қўлга олинган эди. У 2019 йил 26 октябрдан бери Шароф Рашидов туманини бошқариб келган.