ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида урбанизация жараёнларини ривожлантириш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга доир таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилганидек, пойтахт аҳолиси 3,1 миллион нафардан ошган. Прогнозларга кўра, 2045 йилга бориб бу кўрсаткич икки баробарга яқинлашиши мумкин.
Тақдимот лойиҳаларидаги асосий мақсадлар:
яшил зоналар майдонини уч бараварга ошириб, 25 минг гектарга етказиш;
аҳоли жон бошига яшил майдон ҳажмини 3 кв.м дан 6 кв.м гача кўпайтириш.
Қурилиш лойиҳалари лойиҳаларни комплекс кўриб чиқишнинг натижалари:
умумий майдони 2 679 гектар бўлган 85 та таклиф кўриб чиқилди;
18 та лойиҳага рухсат бериш таклиф этилди;
12 та лойиҳага ўзгартириш киритиш шартлиги белгиланди;
54 та лойиҳа концептуал жиҳатдан қайта ишланиши зарур деб топилди.
Лойиҳаларни баҳолашда:
ҳудуднинг камида 30 фоизини яшил майдон сифатида сақлаш;
реновация орқали эски ҳудудларни янгилаш;
майдони 1 гектаргача бўлган зич қурилишлар амалиётидан воз кечиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Янгиҳаёт туманидаги “Янги авлод” махсус саноат зонасини кенгайтириш режалари муҳокама қилинди. Йирик саноат корхоналарини марказдан босқичма-босқич кўчириш ва экологик тоза ишлаб чиқаришларни жойлаштириш таклиф этилди.
Иқтисодий кутилмалар:
йилига қўшимча 1,5 миллиард доллар ялпи ҳудудий маҳсулот;
бюджетга 3,5 триллион сўм тушум;
260 минг янги иш ўрни.
Яшиллаштириш доирасида:
лойиҳаларнинг камида 400 гектари яшил ҳудудга ажратилади;
шаҳарнинг 9 ҳудудида умумий майдони 134 гектар бўлган янги жамоат парклари барпо этилади.
Инфратузилма тўловларидан тушган маблағлар аввал яшил ҳудудлар барпо этишга, сўнг шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Президент мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.