ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашувида касбий таълимни ривожлантириш, хусусий ўқув марказларини қўллаб-қувватлаш, волонтёрлик ҳаракатини кенгайтириш ва ёш оилаларга ипотека ёрдамини кучайтириш бўйича қатор ташаббуслар эълон қилинди.
Касбий таълим ва “дуал” тизим
Ўтган йили Касбий таълим агентлиги ташкил қилиниб, ҳудудларда кенгашлар иш бошлади. Энди техникумларда ўқув дастурлари иш берувчилар талабига мослаштирилади, “дуал таълим” кенгайтирилади. Ҳар йили камида 100 та техникум тўлиқ таъмирланиб, замонавий жиҳозланади.
Техникумларга “спин-офф” очишга рухсат берилади, ўқувчилар стартапларига 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. “Work and travel” дастури асосида техникум ўқувчиларига ҳам хорижда ишлаш имконияти яратилади.
Хусусий ўқув марказларига имтиёзлар
Хорижий тил сертификатига эга ёшлар сони 600 мингдан ошди. Хусусий ўқув марказлари 3 баробар кўпайиб, 38 мингдан ошган.
Эндиликда уюшмага аъзо марказларга биноларни ижарага берган тадбиркорлар ижара ва фойда солиғидан озод этилади. Олис ҳудудлардаги марказлар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз, даромад солиғи 7,5 фоиз қилиб белгиланади.
“Кўмак” дастури доирасида 130 млн сўмгача фоизсиз, бизнесини кенгайтирувчиларга 300 миллион сўмгача ссуда берилади. Ҳар бир туманда касб-ҳунар лабораториялари ташкил этиш учун 500 млн сўмгача ажратилади.
Университетларда янги тажриба
Қўқон университети 400 ўринли замонавий ўқув марказини ишга туширди ва эҳтиёжманд ёшларни дастурлаш, сунъий интеллект ва робототехникага бепул ўқитади.
Тошкент аграр университети талабалари “дуал” таълим асосида агро-тех кластерда ўқиб, ишлаб маош олади. “Келажак фермерлари” жамоалари тажриба майдонларида ишлайди.
Волонтёрлик ва грантлар
Волонтёрлар сони 100 мингдан ошган. Ёшлар ишлари агентлигида “Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ташкил этилиб, ҳар йили 20 млрд сўм ажратилади. Лойиҳаларга 100 млн сўмгача грант берилади.
Ёш оилалар ва китобхонлик
Ёш оилалар учун ипотека кредитининг 14 фоиздан ошган қисми бюджет ҳисобидан қопланади.
“Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси орқали ёзувчиларга ойига 20 млн сўмдан ижодий ҳақ тўланади. Энг яхши 100 та асар мактаб ва техникумларга етказилади.
“Иккинчи имкон” лойиҳаси
Жазо муддатини ўтаб чиққан ёшлар учун “Иккинчи имкон” дастури ишга туширилади. Улар 8–12 ойлик интенсив курсларда замонавий касбларга ўқитилади. Лойиҳа 1 июндан айрим ҳудудларда бошланиб, кейин барча вилоятларга жорий этилади.
Давлат раҳбари нутқидан сўнг ёшлар билан очиқ мулоқот бошланди.