ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. “Кўксарой” қароргоҳида бўлиб ўтаётган ёшлар билан мулоқотда Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келмоқда, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллионга етади.
Сўровномаларга кўра, ёшларнинг учдан бири тадбиркорлик қилиш истагини билдирган. Ўтган йили улар бандлигини таъминлаш учун 400 миллион доллар ажратилган бўлса, қўшимча равишда яна 200 миллион доллар йўналтирилади.
Кредитлар миқдори оширилади
ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредитлар 100 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача;
ёш тадбиркорлар лойиҳалари учун 10 миллиард сўмгача;
инновацион стартапларга 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилади.
Жорий йилдан “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилиб, 7 йилгача 15 фоизли кредитлар ажратилади. Шартларига кўра:
гаровсиз 20 миллион сўмгача;
янги бизнес бошлаётганларга 300 миллион сўмгача;
фаолиятини кенгайтирувчиларга 2 миллиард сўмгача;
камида 5 нафар битирувчини ишга олганларга 10 миллиард сўмгача кредит берилади.
“Менинг биринчи касбим” дастури доирасида олийгоҳ битирувчилари стажировка асосида танлаб олиниб, ойига 2 миллион сўмгача стипендия тўланади.
Янги инфратузилма ва инкубаторлар
Ёш тадбиркорларнинг 30 фоизи бизнес кўникмалари етишмаслиги сабаб қийинчиликка дуч келаётгани қайд этилди. Шу боис ҳар бир ҳудудда “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилиб, бухгалтерия, маркетинг ва бозорга чиқиш бўйича комплекс хизматлар кўрсатилади.
“Янги авлод тадбиркорлари” дастури доирасида энг яхши 1 минг нафар ёшга 3 йилгача 200 миллион сўмгача 7 фоизли ссуда берилади. “Ёш тадбиркорлар” танловида ғолиб бўлган 100 та лойиҳага “Yoshlar venchurs” жамғармасидан 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.
1 мартдан янги иш бошлаётган ёш тадбиркорларнинг инфратузилмага уланиш харажатлари қоплаб берилади.
“Upshift” стартап дастури кенгайтирилиб, медиа, дизайн, ҳунармандчилик ва инновация йўналишларида танловлар ўтказилади. Энг яхши 40 та лойиҳага 2 миллиард сўм ажратилади.