10 километргача аниқлайди ва йўқ қилади: Ўзбекистонда EAS Dome дронга қарши тизим яратилди

Ўзбекистонда ишлаб чиқилган EAS Dome мажмуаси дронларни радиоэлектрон бостириш ва жисмонан йўқ қилиш имконига эга. Тизим 10 кмгача масофада аниқлаш ва кузатишни таъминлайди..
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. EAS Dome учувчисиз учиш аппаратларига қарши курашиш мажмуаси Ўзбекистонда яратилган бўлиб, у дронларни радиоэлектрон бостириш (soft-kill) ва жисмоний йўқ қилишни (hard-kill) ўз ичига олади. Бу ҳақда тизим ишлаб чиқарувчиси — Ўзбекистоннинг "Electronic Autonomous Solutions" (EAS) компанияси маълумотларига таянган ҳолда РИА Новости хабар берди.
Компаниянинг маълум қилишича, оптик тола ёки сунъий интеллект орқали автоном бошқариладиган дронларга қарши одатий радиоэлектрон кураш усуллари ҳар доим ҳам самара бермайди. Шу боис EAS Dome мажмуасида дронни жисмонан йўқ қилишга қаратилган hard-kill ечими таклиф этилган.
Тошкентда бўлиб ўтган технологик форумда тақдим этилган мажмуа радиолокацион ва оптик-электрон воситалар орқали дронларни аниқлаш, кузатиш ва идентификация қилиш имкониятига эга.
EAS компанияси техник директори Беҳзод Сулаймоновнинг айтишича, комплекс 10 километргача бўлган тактик масофада, очиқ ҳудудларда эса ундан узоқроқ масофада ҳам дронларни аниқлаш ва назорат қилишга қодир.
EAS 2022 йил октябрда ташкил этилган бўлиб, ўлчаш, назорат, синов ва навигация ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
2023 йилда президент Шавкат Мирзиёев тегишли идораларга мамлакат ҳаво мудофаасини мустаҳкамлаш мақсадида дронларни тажриба тариқасида йиғишни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берган эди.
Дрон ва рақамли технологиялар: Ўзбекистонда ҳарбий хизматчилар қандай тайёргарликдан ўтади