ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Улан-Уде шаҳрида Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров Бурятия Республикаси раҳбари Алексей Циденов билан кенгайтирилган таркибда учрашди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Музокараларда савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Алексей Циденов Ўзбекистон билан минтақалараро алоқалар изчил ривожланаётганини таъкидлаб, Қорақалпоғистон билан ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил 21–22 октябрь кунлари Москва вилоятида ўтган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилиши доирасида Қорақалпоғистон ва Бурятия ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.
Бурятия раҳбари алоқалар иқтисодий жиҳатдан муҳимлигини таъкидлаб, айниқса чорвачилик соҳасида фаол иш олиб борилаётганини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон мутахассислари Бурятиядаги қурилиш лойиҳаларида иштирок этаётгани айтилди.
Ўзбекистон томони мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ошириш, шунингдек, зотдор чорва моллари алмашинувини кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Бизнес миссияларини мунтазам ташкил этиш таклиф этилди.
Учрашувда маданий-гуманитар ҳамкорлик ва туризмни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Россия томони Ўзбекистондаги буддизмга оид тарихий ёдгорликларга қизиқиш билдирди. Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги Қоратепа ва Фаёзтепа мажмуалари илмий доиралар учун катта аҳамиятга эга экани қайд этилди.